UZ | RU | EN

МАККОР ХЛАМИДИОЗ

Чоршанба, 11 Июль 2012

 

«Йигитчилик, деб суюқоёқ аёлларга илакишиб қолганимдан қаттиқ афсусдаман... Яқиндан тиббий текширувдан ўтдим, хламидиоз деган дардни орттириб олибман. Айтинг-чи, бу қандай касаллик, асоратлари оғир эмасми?»
Собир, Самарқанд
 
– Нопок йўл, бетартиб жинсий алоқанинг оқибати ана шундай нохуш бўлади. Жинсий йўл билан юқадиган касалликлар сони йигирмага яқин. Муқаррар ўлимга олиб борувчи ОИВ (ВИЧ) ҳам зино орқали ўтиши мумкин.
Сиз сўраган хламидиоз энг кўп учрайдиган таносил касалликлари сирасига киради. Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 90 миллионга яқин одам хламидиозга чалинар экан. Касалликкнинг тахминан 40 фоиз ҳолларида беморга хламидиоз билан бир қаторда сўзак ва трихомониаз ташхислари ҳам қўйилади.
 Касалликка хламидиялар, деб аталувчи паразитлар сабаб бўлади. Улар сийдик йўлига ўтиб, кўпайишга киришади ва ҳужайраларнинг меъёрида ишлашига тўсқинлик қилади. Одатда касаллик кўз шиллиқ пардаси яллиғланиши (конъюктивит), зотилжам, ошқозон, ичакларнинг яллиғланиши тарзида ифодаланади. Кўз шиллиқ пардасининг узоқ муддат яллиғланиши, бу аъзода чандиқўчоқлари пайдо бўлишига ва ҳаттоки кўриш қобилиятининг йўқолишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладор аёлларнинг 5-14 фоизида бачадон бўйнининг хламидиялар билан зарарланганлиги туғруқ вақтида чақалоқларга катта хавф туғдириши аниқланган. Эркакларда хламидиялар сийдик чиқарув канали, мояклар ва унинг ортиқлари, простата бези каби аъзоларни шикастлаши, простатит, везикулит, бепушликка олиб келиши кўп кузатилади. Аёлларда эса қин, бачадон, унинг бўйни, найлари каби аъзолар шикастланади. Хламидиялар фаллопий найларининг ўтказувчанлигини кескин бузиши сабабли гоҳо аёллар бепушт бўлиб қолишади. Хламидиозга чалинган ҳомиладор аёлда ҳомила бачадондаёқ касаллик юқтириши, бола ногирон ёкиўлик туғилиши мумкин.
Хламидиознинг яширин тури кўпроқ учраши боис аксар беморлар ўзларида бундай дард борлигидан бехабар юришади. Касаллик юқтирилгандан 20-30 кун ўтиб, илк белгилари кўриниш мумкин. Сийдик йўлида нохуш ҳиссиёт, ачишиш ва қичишиш кузатилади. Сийдик тешиги бир оз қизариб, оз миқдорда шилимшиқ ажралиши, сийганда оғриқ сезилиши мумкин. Аёлларда бачадон бўйни ва канали яллиғланади.
Кучли антибиотикларнинг кўпчилиги хламидияни йўқотиш хусусиятига эга эмаслигини назарда тутиб, бу дард шифокор назорати остида махсус даво талаб этувчи хасталик эканини эсда сақланг.  
 
Марат ТУРСУНОВ, шифокор